ТОШКЕНТ, 9 июн – Sputnik. Ўзбекистон Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати ўтган тунда Марғилондаги бозорда содир бўлган ёнғин ҳақида расмий маълумот берди.
“Ёнғин оқибатида савдо комплекси биносининг тахминан 1575 кв.м майдонидаги қурилиш конструкциялари ва тадбиркорларга тегишли бўлган савдо расталар, тез ёнувчи материалларидан қурилган савдо дўконлар ва улар ичида сақланган озиқ-овқат маҳсулотлари ёниб зарарланган. Тан жароҳати олганлар ва ҳалок бўлганлар йўқ”, - дейилган ЁХБ хабарида.
Марғилон шаҳар ЁХБ диспетчерлик хизматига Хиёбон кўчаси 174-уйда жойлашган “Марғилон умумий улгуржи савдо комплекси” да ёнғин содир бўлгани ҳақида хабар тунги соат 02:05да келиб тушган.
Ушбу хабар асосида дастлабки бўлинмалар соат 02-10 да воқеа жойига етиб борганида савдо комплексининг кенг майдонда қурилиш конструкциялари ва савдо дўконларининг том қисмидан қуюқ тутун алараш аланга чиқиб ёнаётганлиги маълум бўлган. Кўрилган тезкор ҳаракатлар натижасида ёнғин соат 04-20 да қуршаб олиниб, 05-40 да батамом ўчирилган.
Ёнғинга жами 19 та асосий ва 3 та махсус ёнғин ўчириш автомобиллари жалб этилган. Амалга оширилган тезкор ҳаракатлар натижасида савдо комплексининг 8.865 кв.м майдони сақлаб қолинишига эришилган. Ёнғинни келиб чиқиш сабаби ва етказилган моддий зарар аниқланмоқда.