Ўзбекистон элчихонаси Москвада отиб ўлдирилган фуқаро ишини ўз назоратига олди

Халқаро қидирувда бўлган Ўзбекистон фуқароси Т.С. қочишга ва полиция ходимининг табел қуролини қўлга киритишга уриниши чоғида отиб ўлдирилган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 8 июн - Sputnik. Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихона консуллик бўлими Москва шаҳрида полиция ходими томонидан қочиб кетишга уринган вақтида отиб ўлдирилган ўзбекистонлик ишини ўз назоратига олди.

Москвада полиция ходими ўзбекистонликни отиб ўлдирди

ТИВ хабарига кўра, Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси консуллик бўлими Ўзбекистон томонининг сўровига кўра халқаро қидирувда бўлган Ўзбекистон фуқароси Т.С.нинг 2019 йил 7 июнь куни Москва шаҳар Коптево ИИБдан қочишга ва полиция ходимининг табел қуролини қўлга киритишга уриниши чоғида отиб ўлдирилганлиги тўғрисида ОАВнинг тарқатган хабарларини тасдиқлаган.

Россия ИИВнинг Москва шаҳри бўйича Бош бошқармаси берган маълумотларга кўра, мазкур ҳолат юзасидан текширув ўтказилмоқда ва унинг якунлари юзасидан процессуал қарор қабул қилинади.

“Элчихона Консуллик бўлими вазиятни назоратга олган”, - дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Москва шаҳрида полиция ходими қочиб кетишга уринган ўзбекистонликни отиб ўлдирилгани хабар қилинган эди.