ТОШКЕНТ, 8 июн - Sputnik. Тошкентдаги оммавий заҳарланиш юзасидан жиноий иш қўзғатилди.
Бош прокуратура матбуот хизматининг хабар қилишича, оммавий заҳарланиш юзасидан Тошкент шаҳар прокурори томонидан “Grand Azia Plus” МЧЖ мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 186-моддаси 4-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда жиноят иши бўйича Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
2019 йилнинг 4-7 июнь кунлари Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи жами 49 нафар фуқаролар “овқатдан токсикоинфекция” ташхиси билан Ўзбекистон Республикаси ССВ ЭМЮКИТИ, 2 ва 5-сонли юқумли касалликлар шифохоналарига ётқизилган.
Мазкур ҳолат юзасидан ўтказилган текширувда, ушбу фуқаролар шифохонага мурожаат қилишидан аввал Учтепа тумани, Лутфий кўчаси, Сергели тумани, Янги Қўйлиқ кўчаси, 7б-уй ҳамда Сергели тумани, Янги Сергели кўчаси, 21-уйда жойлашган “Оқтепа лаваш” (“Grand Azia Plus” МЧЖ) умумовқатланиш тармоғининг учта шохобчаларида тез тайёрланувчи таомларни (“сендвич”, “лаваш” ва “пицца”) истеъмол қилганликлари аниқланган.
Бироз илгари Тошкентдаги барча “Oqtepa Lavash” ресторанлари ёпилгани хабар қилинган эди.