Ўзбекистонда тез кунларда ўзини-ўзи банд қилганлик гувоҳномалари жорий этилади

Вазир ушбу янги тизим меҳнат муносабатлари соҳасида ҳақиқий катта силжиш бўлишига ишонч билдирди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 6 июн - Sputnik. Ўзбекистонда ўзини-ўзи банд қилганлик гувоҳномаси жорий этилади, шу кунларда янги тизимга доир ҳужжат чиқиши кутилмоқда, деб хабар қилди Sputnik Ўзбекистон мухбири Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиевдан олинган маълумот асосида.

Шерзод Кудбиев: 60 фоиз аҳоли пенсия ҳуқуқларини шакллантирмаяпти

"Бир-икки кунда бу ҳужжат чиқиб қолади. Фуқароларимизнинг аксарияти норасмий меҳнат тури билан банд - дейлик уйида репетиторлик ёки фрилансерлик қилишади, қурилиш ишларида, қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қилишади ва бир марталик иш турлари билан бандлар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Албатта, бу фуқароларимизга, улар расмий секторга ўтишларига имконият беришимиз. Янги тизим норасмий секторда ўзини-ўзи банд қилган фуқароларга стажни расмий сотиб олиш имконини тақдим этади", - деди Кудбиев.

Вазир ушбу янги тизим меҳнат муносабатлари соҳасида ҳақиқий катта силжиш бўлишига ишонч билдирди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев илгарироқ республика "соядаги" касб-корларни легаллаштиришни режалаштираётгани, чунки мамлакат меҳнат бозоридаги асосий муаммолардан бири бу норасмий секторда бандлик бўлиб, унда барча ишловчиларнинг 56%и жамлангани ҳақида баёнот қилган эди.