ТОШКЕНТ, 6 июн – Sputnik. Қримдан Федерация кенгаши аъзоси Сергей Цеков НСНга берган интерьюсида Украина президенти Владимир Зеленскийнинг Брюсселга ташрифи ҳамда унинг “Қримни қайтариш” стратегиясига баҳо берди. РИА Новости хабарига асосан.
Цеков Украина Ғарб мамлакатларига фақат Россияни обрўсизлантириш учун кераклиги, Зеленский эса бу вазиятда фақат низони музлатишга эришиши мумкинлигини таъкидлади.
“Ким у ерда уларга ёрдам беради? Улар Россия билан муносабатларни кескинлаштириш манбаи сифатида керак. Қримни Украина таркибига қайтаришга ёрдам беришмайди. Шунга қарамай бирор нарса қилишлари, санкция каби чораларни таклиф қилишлари мумкин. Бунинг барчаси бўлади, лекин бу беҳуда”, - деди Цеков.
Шу билан бирга, у Украина халқи ҳақиқий вазиятни тушунадиган ва муаммони ҳал қилишни таклиф қиладиган реал сиёсатчиларни кутаётганини қўшимча қилди. Унинг фикрига кўра, Зеленский сўзларидан келиб чиқадиган бўлсак, Украина собиқ президент Пётр Порошенко давридаги каби Ғарб қўлида қурол бўлиб қолишда давом этмоқда.
Шунингдек, у Украинанинг Қримни қайтариб олиш имконияти ҳалиям борлигини истеҳзо билан қўшимча қилди.
“Қримнинг Украина таркибига қайтишининг жуда қисқа йўли бор. Мен буни ҳақиқий йўл деб ҳисоблайман: Украина уч юз йил аввалгидек Россия билан бирлашиши керак. Бошқа ҳеч қандай вариант йўқ”, - дея таъкидлади сенатор.
Бундан ташқари, Цеков Украинани ривожланган давлат бўлиш учун Россия билан муносабатларини яхшилашга ва иқтисодий алоқаларни тиклашга чақирди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мария Захарова Владимир Зеленский жамоаси томонидан "Қримни қайтариш" стратегиясига тайёргарлик кўрилаётгани ҳақидаги хабарга ўз муносабатини билдиргани хабар қилинган эди.