Малайзиянинг собиқ қироли ва “Москва гўзали” фарзандли бўлди

Малайзиянинг собиқ қироли Муҳаммад V рафиқаси “Москва гўзали” унвони соҳибаси Оксана Воеводина ўғил фарзандни дунёга келтирди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 4 июн - Sputnik. Малайзиянинг собиқ қироли Муҳаммад V Султон Келантаннинг рафиқаси “Москва гўзали” унвони соҳибаси Оксана Воеводина ўғил фарзандни дунёга келтирди. Оксана Воеводина ушбу хушхабарни Instagram’даги саҳифаси орқали оммага маълум қилди.

Маълум қилинишича, икки ёшнинг тўнғич фарзанди 21 май куни дунёга келган.

“Мен ўғлимиз учун Яратгандан ва турмуш ўртоғимдан миннатдорман. Энди биз уч кишимиз. Бизнинг оиламизни танлаганинг учун раҳмат, Тенку Исмаил Леон Петра Бин Тенку Муҳаммад V Фарис Петра”, — дея таъсирли пост қолдирган бахтиёр она.

Эслатиб ўтамиз, 49 яшар Малайзия қироли ва 25 яшар россиялик соҳибжамолнинг никоҳ тўйи 22 ноябрда Подмосковьеда бўлиб ўтган. Тўй маросимида меҳмонларга фақатгина ҳалол егуликлар узатилган, спиртли ичимлик берилмаган. Шунингдек, январь ойи бошида Муҳаммад V ўз хоҳишига кўра тахтдан воз кечаётгани ҳақида эълон қилинган эди. Қирол нима сабабдан бундай қарорга келгани очиқланмаган.