Банкоматлар орқали нақд пул олишда фоиз тўловини чегаралаш таклиф қилинди

Банкоматлар ўзлари тегишли бўлган банк пластик карточкаларидан фоиз ушламасин – деган петиция муаллифи.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 31 май – Sputnik. “Mening fikrim” жамоавий мурожаатлар веб-порталида банкоматлар орқали нақд пул олинганда фоиз тўловини чегаралаш тўғрисида петиция жойлаштирилди.

Банкоматлар орқали нақд пул ечиб олиш ҳажми 50 баравар ошди

Петиция муаллифига кўра, ҳозирда пластик картадаги пулни нақдлаштириш жараёнида тўлов  1 фоиз этиб белгиланган. Агарда 1 млн. сўм нақд пул нақдлаштирса, унда 10 минг сўм қўшимча ҳақ олиб қолинади. Бошида текин бўлган бу амалиёт айни вақтда 1 фоиз этиб белгиланди.

“Банк муассасалари буни банкоматга кетадиган харажатлар: интернет, техник таъминот, назорат қилиш каби харажатларни қоплаш учун олинади деб тушунтиришди. Майли, банкнинг ўз харажатлари борлигини тушунган ҳолатда 1 фоизга қаршилик йўқ, лекин қанча кўп пул ечиб олсангиз шунча кўп маблағ йўқотасиз. Агарда сиз 5 млн. сўм нақдлаштирсангиз, 50 минг, 10 млн. сўм нақдлаштирсангиз, 100 минг сўм йўқотасиз. Бошқача айтганда, қанча кўп нақдлаштирсангиз, шунча зарарга тушасиз! Бу масалани кўриб чиқиш ва аҳолига қулайликлар яратиш керак”, - деб ёзган муаллиф.

Петицияда қуйидагилар таклиф қилинди:

биринчидан, банкомат орқали 1 млн. сўмдан ортиқ маблағ ечилганда, 10 минг сўмдан (яъни 1 млн.ни 1 фоизи) кўп фоиз ушланмаслик;

иккинчидан, агар фойдаланувчи бир ой давомида банкоматдан пул нақдлаштирса, қайси банкоматдан пул нақдлаштирганидан қатъий назар фақат 1 мартагина фоиз ушлаш;

учинчидан, қанча кўп пул ечилса, фоиз тўлови шунча камайиб бориш (1 млн. гача 1 фоиз, 5 млн. гача 0,5 фоиз ва ҳ.к.);

тўртинчидан, банкоматлар ўзлари тегишли бўлган банк пластик карточкаларидан фоиз ушламаслик.