ТОШКЕНТ, 30 май - Sputnik. Ўзбекистондаги маданият соҳаси фахрийлари республикада ёшлар орасида машҳур бўлган "Браво" ва "Миллион" жамоаларининг концерт дастурларига 16 ёшга тўлмаган болаларни киритмасликни таклиф этдилар, деб хабар берди Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Ушбу таклиф 30 май куни Маданият вазирлигида бўлиб ўтган Ўзбекистон Маданият вазирлиги қошидаги Жамоатчилик кенгашининг йиғилишида Республикада хизмат кўрсатган артист Зиёда Мадраҳимова томонидан билдирилди.
Мадраҳимова "Халқлар дўстлиги" санъат саройи раҳбариятига 16 ёшга тўлмаган болаларни "Миллион" ва "Браво" жамоалари концертига киритмаслик ҳақида кенгаш қарорини тақдим этиш зарурлиги ҳақида таъкидлади.
"Болалар "Браво"га ҳам кириб келяпти, "Миллион" концертига ҳам. Улар бола-ку, нима олади бу концертдан?", - деди Мадраҳимова.
Маданият соҳаси вакили болаларни улар ёшларига мос бўлган тадбирларга олиб бориш керак, дея қўшимча қилди.