“Ўзбекистон темир йўллари” Нурафшондаги болаларга янги стадион совға қилди

Минифутбол ва бошқа спорт турлари билан шуғулланишга мўлжалланган ушбу майдоннинг усти табиий ўт билан қопланган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 29 май – Sputnik. “Ўзбекистон темир йўллари” компанияси Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳрида жойлашган 4-умумтаълим мактаби ўқувчиларига янги стадион туҳфа қилди.

Компания хабарига кўра, минифутбол ва бошқа спорт турлари билан шуғулланишга мўлжалланган ушбу майдоннинг усти табиий ўт билан қопланган бўлиб, тўп майдондан ташқарига чиқмаслиги учун махсус металл тўр панжаралари ҳам ўрнатилган.

“Ўзбекистон темир йўллари” Нурафшондаги болаларга янги стадион совға қилди

Бундан ташқари, компания бошқарув раиси в.б. Хасилов Х.Н. ўзи ўқиган шу мактаб кутубхонасига 200 дан ортиқ китоб совға қилди. Шунингдек, тадбир давомида мактаб ўқувчилари учун компютер ва кўплаб қимматбаҳо совғалар тақдим этилди. 

“Хасилов Х.Н ўқувчи ва педагоглар билан суҳбатлашар экан, бугунги кундаги адабиётнинг ўрни ва мутолаа маданияти хусусида тўхталиб, китоб маънавиятни юксалтирувчи бебаҳо хазина эканлигини алоҳида таъкидлади”, - дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, март ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида ёшларга эътиборни кучайтириш, уларни адабиёт, санъат, маданият, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб қилиш ҳамда хотин-қизлар бандлигини таъминлашга қаратилган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтган эди. Унда айниқса ёш авлод ўртасида китоб ўқишни тарғиб қилиш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилган.

Мазкур китоб совға қилиш акциясида ўзбекистонлик амалдорлар, раҳбарлар ва ўзбек эстрада хонандалари ҳам иштирок этишган эди.