Балиқ овлаш қоидаларини бузганлик учун жарималар миқдори кескин оширилди

Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 29 май – Sputnik. Ўзбекистонда балиқ овлаш қоидаларини бузганлик учун жарималар миқдори кескин оширилди.

Бу Шавкат Мирзиёев имзолаган “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунда назарда тутилган.

Каналларда балиқ етиштириш тартиби белгиланди

Киритилган қўшимчаларга кўра ғайриқонуний ов, балиқ овлаш маҳсулотини, ёввойи ўсимликларни йиғиш ҳам энг кам ойлик иш ҳақининг 10 бараваридан (2 млн 27 минг 300 сўмдан) 15 бараваригача (3 млн 40 минг 950 сўмгача) жарима солишга сабаб бўлади.

Илгари фақат ғайриқонуний ов маҳсулотларини қабул қилиш учун жавобгарлик мавжуд эди.

Эндиликда ов қилиш ва балиқ овлашнинг тақиқланган қуролларини ёки воситаларини тайёрлаш, олиб кириш, сақлаш, ташиш ёки юбориш, олиш ёхуд сотиш ҳуқуқбузарлик қуроли ва ашёларини мусодара қилиб:

- фуқароларга энг кам ойлик иш ҳақининг 3 бараваридан (608 минг 190 сўмдан) 5 бараваригача (1 млн 13 минг 650 сўмгача);

- мансабдор шахсларга 7 бараваридан (1 млн 419 минг 110 сўмдан)  10 бараваригача (2 млн 27 минг 300 сўмгача)  жарима солишга сабаб бўлади.