ТОШКЕНТ, 29 май – Sputnik. Ўзбекистонда сохта банкротлик, банкротликни яшириш, қасддан банкротликка олиб келиш учун жарима миқдори оширилди.
Бу президент имзолаган “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунда назарда тутилган.
Жиноят кодексига киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, сохта банкротлик, банкротликни яшириш, қасддан банкротликка олиб келиш учун жарима миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг 150 бараваридан (30 млн 409 минг 500 сўмдан) 250 бараваригача (50 млн 682 минг 500 сўмгача) оширилди.
Илгари бу миқдор энг кам ойлик иш ҳақининг 100 бараваридан (20 млн 273 минг сўмдан) 200 бараваригача (40 млн 546 минг сўмгача) эди.
Мазкур жиноятлар учун эндиликда муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш (яъни тадбиркорлик билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш) жазоси қўлланилмайди.
Мазкур ўзгартиришлар 3 ойдан сўнг кучга киради.