Ўзатом абтуриентлар учун муҳим хабар эълон қилди

Ўзатом МИФИнинг Тошкентдаги филиалига ҳужжатлар ва имтиҳонлар қачон топиширилишини хабар қилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 28 май – Sputnik. “Ўзатом” агентлиги “Москва инженерлик-физика институти” (МИФИ) шу йили ёзда Тошкентда очилиши кутилаётган филиалига биринчи абитуриентлардан ҳужжатлар  қабул қилиш санасини эълон қилди, деб хабар берди муассаса матбуот хизмати.

Бакалавриатга қабул қуйидаги тўртта йўналиш бўйича амалга оширилади:

  • Ядро энергетикаси ва иссиқлик физикаси;
  • Ядро физикаси ва технологиялари;
  • Иссиқлик энергетикаси ва иссиқлик техникаси;
  • Электр энергетикаси ва электр техникаси.

Қабул комиссияси ишини 17 июнь куни Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университетининг “Физика факультети” биносида бошлайди. Ҳужжатлар 2 июлга қадар қабул қилинади.

Имтиҳонлар 3 июлдан 9 июлга қадар физика, математика ва рус тили бўйича ўтказилади. Имтиҳонлар россиялик мутахассислар томонидан ўтказилади. Жавоблар 12 июль куни эълон қилинади.

Энг юқори бал тўплаган 100 нафар талаба давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиниб, бепул таълим олиш имкониятига эга бўладилар.

“Таълим жараёни Россия стандартларига асосан олиб борилади. Битирувчиларга Ўзбекистонда амал қиладиган, Россия намунасидаги дипломлар берилади. Барча битирувчилар “Ўзатом” агентлиги томонидан иш билан таъминланади”, - дейилган хабарда.

Янада батафсилроқ, маълумот олиш учун абитуриентлар МИФИнинг Ўзбекистондаги филиали сайтигга мурожаат қилишлари мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Москва муҳандислик-физика институти филиали Мирзо Улуғбек посёлкасида, Хуросон 1 кўчасида жойлашган. Филиал 11та энг замонавий лабораториялар, ётоқхона, спорт мажмуаси  ҳамда библиотека билан жиҳозланади.