ТОШКЕНТ, 28 май – Sputnik. Бош прокуратуранинг Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси 22 йил аввал содир этилган қотилликни фош этди.
Бош прокуратура хабарига кўра, 09.02.1997 йилда Учтепа (собиқ А.Икромов) тумани, Чилонзор 12-даҳа, 6а-уйда яшовчи С.П.нинг жасади қотиллик аломатлари билан ҳамда унинг онаси 1926 йилда туғилган А.П.нинг санчувчи-кесувчи жисм ёрдамида етказилган тан жароҳатлари билан топилган.
Терговда аниқланишича, икки фуқаро ўзганинг мулкини босқинчилик йўли билан талон-торож қилиш мақсадида жабрланувчиларга пичоқ билан тан жароҳатлари етказган ва хонадонда мавжуд бўлган қимматбаҳо буюмларни қўлга киритишган.
Хабарда қайд этилишича, қўлга олинган шахсларнинг содир этган жиноятлари уларнинг иқрорлик кўрсатувлари, жиноят содир этилган жойда аниқланган бармоқ излари, таниб олиш учун кўрсатиш, кўрсатмаларни ҳодиса содир бўлган жойда текшириш ва юзлаштириш тергов ҳаракатлари ҳамда бошқа далиллар мажмуи билан тўлиқ ўз исботини топган.
Жиноятчиларга нисбатан ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми билан қўзғатилган жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари Бош прокуратуранинг Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси томонидан олиб борилмоқда.