Евроосиё иқтисодий иттифоқ янада кенгайиши мумкин - Медведев

Россия бош вазир Дмитрий Медведев Евроосиё иқтисодий иттифоқ кенгайиши мумкинлигини маълум қилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 28 май – Sputnik. Россия бош вазири Дмитрий Медведев "Россия 24" телеканалига берган интервьюда Евроосиё иқтисодий иттифоқи кенгайиши мумкинлигини маълум қилди.  

 “Бизда очиқ иттифоқ, ҳозир кузатувчилар пайдо бўлди, эҳтимол таркиб янада кенгайиши мумкин”, - деди Россия ҳукумати раҳбари.

Медведевнинг сўзларига кўра, ЕОИИ билан ҳамкорлик қилишга 100 та мамлакат қизиқиш билдирмоқда.

 

ЕОИИ – бу ягона 108 миллион истеъмолчиларни ўз ичига олган бозордир. Бугунги кунда жуда муҳим халқаро ўйинчилар – Сингапур, Исроил, Ҳиндистон билан музокаралар олиб борилмоқда.

ЕОИИ ва Вьетнам ўртасида эркин савдо тўғрисида битим мавжуд. Шунингдек, Эрон ва Хитой билан ҳужжатлар имзоланган.

“Интеграциянинг ютуқлари аниқ, ишончим комил иттифоқ самараси янада юқори бўлиши керак. Албатта шерикларимиз билан ушбу йўналишда ишлаймиз”, - деб қўшимча қилди Медведев.  

Эслатиб ўтамиз, 29 май куни Нур-Султонда Евроосиё иттифоқини ташкил этиш тўғрисида битимни имзоланганига 5 йил тўлиши муносабати билан йиғилиш ўтказилади.  

Тадбирда Елбаси Нурсултон Назарбоев, Қозоғистон президенти Касим-Жомарт Токаев, Беларус президенти Александр Лукашенко, Қирғизистон президенти Сооранбай Жээнбеков, Россия президенти Владимир Путин, Армения бош вазири Никол Пашинян иштирок этади.

Шунингдек, йиғилишда ЕОИИда кузатувчи давлат сифатида - Молдова президенти Игорь Додон, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва МДҲ Ижроия қўмитаси раиси Сергей Лебедев фахрий меҳмон сифатида қатнашади.