Нурсултон Назарбоев яна бир умрбод мақомга эга бўлди

Назарбоевга бундай мақом тақдим этилиши унинг турк дунёсини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси билан изоҳланди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 27 май — Sputnik. Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевга умрбод Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши фахрий раиси мақоми берилди.

Бу ҳақда унинг Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли билан учрашуви давомида маълум бўлди, дея хабар қилди Оқўрда матбуот хизмати.

Назарбоев Қозоғистонда сиёсий рақобат борлигини айтди

Назарбоевнинг 24 май куни бўлиб ўтган Чавушўғли билан учрашувида Қозоғистоннинг биринчи президенти икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни сақлаб қолиш ва янада кенгайтириш муҳимлигини қайд этди.

Суҳбат давомида томонлар халқаро ва минтақавий долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашган.

Мавлуд Чавушўғли Нурсултон Назарбоевга турк олами давлатлари ривожига қўшган улкан ҳиссаси учун “Туркий тилли давлатлар кенгашининг бир умрлик фахрий раиси” мақоми берилиши тўғрисида қарор қабул қилинганини маълум қилди.

Туркия ТИВ вазири президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон номидан Назарбоевни яқин орада Туркияга ташриф буюришга таклиф қилди.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон сенати қабул қилган “Қозоғистон Республикаси Хавфсизлик кенгаши тўғрисида”ги қонунга кўра, Нурсултон Назарбоев ўз мамлакати Хавфсизлик кенгашига умрбод раҳбарлик қилиш мақомига эга.