Туркия - Ўзбекистон ўртоқлик ўйинига бепул чипталар тақдим қилинади

Ўзбекистон ва Туркия миллий терма жамоалари ўртасидаги ўртоқлик ўйини 2 июнь куни "Alanya stadium" ўйингоҳида маҳаллий вақт билан соат 21:00да (Тошкент вақти билан соат 23:00да)бошланади
Sputnik

ТОШКЕНТ, 25 май - Sputnik. Жорий йилнинг 2 июнь куни  Аланья шаҳрида Ўзбекистон миллий терма жамоаси Туркияга қарши ўртоқлик ўйинини ўтказади. Мухлисларда шу ўйинга бепул чипта олиш имкони мавжуд.

"Бу Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Туркияга қарши ўз тарихидаги биринчи ўйини бўлади. Ана шу тарихий ўйинда миллий терма жамоамизни қўллаб-қувватлаб туриш учун айни кунларда Туркияда хизмат сафарида бўлиб турган ёки меҳнат фаолияти олиб бораётган барча ватандошларимизни Аланья шаҳридаги "Alanya stadium" ўйингоҳига чорлаб қоламиз", - дейилади Ўзбекистон футбол ассоциацияси хабарида.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан Туркия - Ўзбекистон ўртоқлик ўйинини томоша қилиш учун стадионга ташриф буюрадиган ўзбекистонлик мухлислар учун 100та чипта бепул тақдим қилинади. Чипталарни Туркиядаги ўзбекистонлик  мухлислар 1 июнь куни "Sense hotel" меҳмонхонасидан олиб кетишлари мумкин. 

Эслатиб ўтамиз, ўйин 2 июнь куни "Alanya stadium" ўйингоҳида маҳаллий вақт билан соат 21:00да (Тошкент вақти билан соат 23:00да)бошланади.