Ўзбекистонда фан докторлари маоши 60 фоизга оширилади

Мирзиёев олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари, академиклар, олимлар, ёш тадқиқотчилар билан учрашди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 24 май - Sputnik. Ўзбекистонда жорий йил 1 сентябрдан фан номзодларининг ойлик маошларига 30 фоиз, фан докторлари учун эса 60 фоизга оширилади.

“Президент жорий йил 1 сентябрдан барча давлат ташкилотларида илмий-педагогик фаолият билан шуғулланаётган, таълим ва илм-фан соҳасида фаолият олиб бораётган фан номзодларининг ойлик маошларига 30 фоиз, фан докторлари учун эса 60 фоиз устама ҳақи белгилашни таклиф қилди” – дейилади давлат раҳбари сайтида.

Мирзиёев иш ҳақи ва пенсия миқдорини аниқлаш тартибига доир ҳужжатни имзолади

Шунингдек, президент Талабалар шаҳарчаси ҳудудида профессор-ўқитувчилар, ёш тадқиқотчилар учун 6 та кўп қаватли уй ва барча шароитларга эга универсал спорт мажмуаси қуриш бўйича топшириқ берди. Шаҳарчада Ёшлар боғи, ёзги томошалар майдончаси, “китоб-кафе”лар, Wi-Fi зоналарини ташкил этиш ва ободонлаштириш бўйича вазифалар белгиланди.

Бундан ташқари, Миллий университетида олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари, академиклар, олимлар, ёш тадқиқотчилар билан учрашув чоғида изланувчан олимларни рағбатлантириш мақсадида илмий ишланма яратган тадқиқотчига докторлик ва уни амалиётга татбиқ этган изланувчига таянч докторлик илмий даражасини берадиган бинар (иккиталик) ҳимоя тизимини жорий этиш, бюджет маблағлари ҳисобидан стажёр-тадқиқотчилар институтини ҳамда юртимиз биологик хилма-хиллигини ўрганадиган дала-тажриба станциялари ташкил этиш муҳокама қилинди.

Эслатиб ўтамиз, илмий ходимларнинг ойлик маошлари ўтган йил 1 сентябрдан ўртача 25 фоизга, жорий йил 1 январдан 20 фоизга оширилган эди. Жорий йилнинг 1 июлдан эса яна 25 фоизга кўтарилиши кутилмоқда.