ТОШКЕНТ, 24 май – Sputnik. Тўхташ чизиғини босиб кирганлик учун жарима камайтирилди.
Бу “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жиноят процесси иштирокчиларининг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш билан боғлиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунда назарда тутилган.
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 128-4-моддаси қуйидаги таҳрирда баён этилди:
“128-4-модда. Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг светофорнинг тақиқловчи сигналига ёки йўл ҳаракатини тартибга солувчининг тақиқловчи ишорасига бўйсунмасдан тўхташ чизиғини босиб кириши ва ўтиши
Светофорнинг тақиқловчи сигналида ёки йўл ҳаракатини тартибга солувчининг тақиқловчи ишорасида йўлнинг қатнов қисмидаги йўл чизиқлари ёки йўл белгилари билан белгиланган тўхташ чизиғини босиб кириш, –
- энг кам иш ҳақининг иккидан бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг светофорнинг тақиқловчи сигналига ёки йўл ҳаракатини тартибга солувчининг тақиқловчи ишорасига бўйсунмасдан ўтиши, –
- энг кам иш ҳақининг икки баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ўша ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, –
- энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ўша ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо икки марта қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, –
- транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан бир йил муддатга маҳрум этишга сабаб бўлади.
Қайд этиш жоизки, бунга қадар тўхташ чизиғини босиб кириш қоидасини бузиш — светофорнинг тақиқловчи сигналига ёки йўл ҳаракатини тартибга солувчининг тақиқловчи ишорасига бўйсунмасдан ўтиш билан тенг миқдорда жаримага тортилар эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда тонировка учун жарима миқдори 25 бараварга оширилгани хабар қилинган эди.