Тошкентдаги 17-мактаб ўқувчиларининг ота-оналари жаримага тортилди

ХТВ Юнусобод туманидаги 17-умумтаълим мактабининг ўқувчилари ўртасида юз берган низоли ҳолатни ўрганиб чиқди. Ўқувчиларнинг ота-оналари жаримага тортилди, мактаб директори ва ўринбосарларига эса ҳайфсан эълон қилинди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 23 май – Sputnik. Халқ таълими вазирлигининг Ҳуқуқий-назорат хизмати томонидан Тошкент шаҳри, Юнусобод туманидаги 17-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Л.М ва 10-синф ўқувчиси С.А ўртасида юз берган низоли ҳолат ўрганиб чиқилди. Бу ҳақда ХТВ ахборот хизмати хабар берди.

ХТВ мактабларга ота-оналардан тилхат олишга кўрсатма бермаганини маълум қилди

Хабарда қайд этилишича, жорий йилнинг 13 апрелида Л.М ва С.А ўртасидаги жанжални шу мактабнинг 9-синф ўқувчиси Ш.Ш уяли телефони орқали тасвирга олган ҳамда видеотасмани телеграм ижтимоий тармоғидаги “Дўстлар” гуруҳига, шунингдек, “Гонзо” аккаунтига инстаграмга ташлаган.

Мазкур ҳолат кўриб чиқилган ва Л.М.нинг ота-онаси фарзанд тарбиясига етарли даражада эътибор бермагани учун 202 730 сўм жаримага тортилган.

Шунингдек, ХТВ текшируви натижасида мактаб директори томонидан жанжалнинг бошқа иштирокчиларини ҳисоботдан яширгани, туман ва шаҳар ХТБ ҳамда ИИБга хабар берилмагани аниқланган.

ХТВ: “Ўқитувчи ўқувчини бир неча бор туртган, лекин урмаган”

Ушбу ҳужжатлар кўриб чиқилган ва 10-синф ўқувчиси С.А.нинг ота-онаси фарзанд тарбиясига бефарқлиги учун 405 460 сўм миқдорида жаримага тортилди.

Бундан ташқари, тегишли ҳужжатлар асосида жорий йилнинг 10 май куни Мирзо Улуғбек тумани Вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссияси 9-синф ўқувчиси Ш.Ш.нинг ота-онаси фарзанд тарбиясига бефарқ бўлганлиги ва мактаб ҳудудида мобиль телефондан фойдаланиш қоидаларини бузганлиги учун 608 190 сўм миқдорида жаримага тортилганини маълум қилинди.

ХТВ таълим муассасасида ўқувчилар томонидан ҳуқуқбузарликни содир этилишининг олдини олишга етарли даражада эътибор қаратмаганликлари, ўқувчилар ахлоқи устидан назоратни сусайтирганликлари учун мактаб директори ҳамда ўринбосарларига Меҳнат Кодексининг 181-моддаси 1-бандига мувофиқ ҳайфсан эълон қилинганини қўшимча қилди.