Назарбоев Қозоғистонда сиёсий рақобат борлигини айтди

Назарбоевга кўра, барча номзодлар учун сайловолди ташвиқотларида тенг шароитлар яратилган. Мамлакатнинг биринчи президенти Қозоғистонда қўшҳокимиятчиликка йўл қўйилмаслигини таъкидлаб ўтди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 23 май – Sputnik. Қозоғистонда муддатдан олдинги сайловларда етти номзоднинг иштирок этиши, республикада сиёсий рақобат мавжудлигидан далолат беради, деб ҳисоблайди мамлакатнинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев.

Nur Otan партияси йиғилишида Нурсултон Назарбоев кўзига ёш келди – видео

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистонни қарийб 30 йил давомида бошқариб келган Назарбоев 20 март куни президентлик ваколатларини ўзидан сокит қилган эди. Мамлакат раҳбарлиги бунга қадар парламент сенати (юқори палата)га раислик қилган Касым-Жомарт Токаевга ўтди.

Қозоғистонда муддатдан олдинги сайловлар 9 июнь куни бўлиб ўтади. Президентликка номзод сифатида етти киши, шу жумладан Nur Otan партиясидан илгари сурилган Токаев ҳам рўйхатдан ўтган.

"Сайловларда етти номзод иштирок этмоқда. Бу бизнинг мамлакатимизда сиёсий рақобат мавжудлигидан нишонадир. Номзодлар турли жамоатчилик гуруҳлари ва уюшмалар манфаатларини илгари сурадилар. Ҳар бир номзод мамлакат ва жамиятни ривожлантиришга доир ўз дастурига эга", - деди Қозоғистоннинг биринчи президенти Назарбоев.

У шунингдек, барча номзодлар учун сайловолди ташвиқотларида тенг шароитлар яратилганини ҳамда Қозоғистонда қўшҳокимиятчиликка йўл қўйилмаслигини таъкидлаб ўтди.

"Мен ўз ватаним фаровонлиги учун ишлашда давом этмоқдаман. Шуни қайд этмоқчиманки, Қозоғистонда ҳеч қандай қўшҳокимиятчиликка йўл қўйилмайди. Биз ҳаммамиз халқ сайлайдиган президентга ишлаймиз", - дея хотима қлиган Назарбоев.