Мирзиёев Нурсултон Назарбоев билан қўнғироқлашди

Суҳбатда асосий эътибор савдо-иқтисодий соҳада эришилган келишувларни амалга ошириш, саноат, энергетика, транспорт ва бошқа тармоқларда етакчи корхоналар ва ишбилармонлар даражасида кооперацияни кучайтиришга қаратилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 23 май - Sputnik. Шавкат Мирзиёев Қозоғистон биринчи президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.

Хабарда таъкидланишича, давлат раҳбари Нурсултон Назарбоевга Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётгани ҳамда уларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қўшаётган шахсий ҳиссаси учун самимий миннатдорлик билдирган.

Назарбоев Алишер Усмоновни  “Достық” ордени билан мукофотлади

Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли кейинги йилларда мамлакатлар ўртасидаги анъанавий яқин муносабатлар сифат жиҳатидан янги даражага кўтарилгани, аниқ амалий мазмун билан бойигани алоҳида таъкидланган.

Жорий йил апрель ойида Қозоғистон президенти Касим-Жомарт Токаевнинг Ўзбекистонга амалга оширган илк давлат ташрифи самарали бўлгани, бу Элбоши ташқи сиёсати бардавомлигини яна бир бор намойиш этгани катта мамнуният билан қайд этилди.

“Суҳбатда Шавкат Мирзиёев ва Нурсултон Назарбоев икки томонлама муносабатларга доир, шунингдек, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалаларни муҳокама қилдилар”, - дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, асосий эътибор савдо-иқтисодий соҳада эришилган келишувларни амалга ошириш, саноат, энергетика, транспорт ва бошқа тармоқларда етакчи корхоналар ва ишбилармонлар даражасида кооперацияни кучайтиришга қаратилди.

Назарбоев Ўзбекистон халқини Наврўз билан қутлади

Хабарда ўзаро савдо ҳажми изчил ортиб бораётгани ва унинг таркиби диверсификация қилинаётгани ижобий баҳолангани ва 2018 йилда товар айирбошлаш ҳажми 3 миллиард доллардан ошгани, яқин вақтда бу кўрсаткични камида 5 миллиард долларга етказиш вазифаси тургани қайд этилган.

Мулоқот сўнгида Шавкат Мирзиёев ва Нурсултан Назарбоев Ўзбекистон ва Қозоғистон қардош халқларининг фаровонлиги, Марказий Осиёнинг барқарорлиги ва изчил тараққиёти йўлида стратегик шериклик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ҳар томонлама мустаҳкамлашга ўзаро интилиш қатъий эканини яна бир бор таъкидладилар.