“Ўзэлтехсаноат”га 2022 йилгача экспортни 500 млн долларга етказиш вазифаси қўйилди

Мирзиёев электротехника саноатини ривожлантириш, ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини ошириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 22 май – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев электротехника саноатини ривожлантириш, ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини ошириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

Йиғилишда экспорт-импорт конъюнктурасини ўрганиш асосида электротехника саноатини ривожлантириш, янги маҳсулотларни ўзлаштириш ва рақобатбардошлигини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

“Ўзэлтехсаноат” уюшмасига 2022 йилгача ишлаб чиқариш ҳажмини икки бараварга ошириш ҳисобига импортни оптималлаштириш ва экспортни 500 миллион долларга етказиш вазифаси қўйилди”, - дейилади хабарда.

Президент бунинг учун хомашёни чуқур қайта ишлаб, қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш зарурлигини таъкидлади. 

Швейцариянинг Tanotrade корхонаси Ўзбекистонда замонавий электротехника заводини ишга туширади

Маҳсулотлар экспортида транспорт харажатларини камайтириш зарурлиги таъкидланди. 

Шунингдек, йиғилишда импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар кўламини кенгайтириш, уларнинг таннархини камайтириш масаласи муҳокама қилинди.

Маълум қилинишича, ишлаб чиқаришда қўлланилаётган кўпгина эҳтиёт қисмлар импорт қилинаётгани, бу таннархнинг қимматлашига олиб келаётгани кўрсатиб ўтилди. Музлатгич ва иситиш ускуналари, компьютер технологиялари, мобил алоқа воситалари, қуёш панеллари ва бошқа юқори технологик маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенг йўлга қўйиш орқали юртимиз корхоналарининг ички бозордаги ўрнини янада мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидланди. 

Ўзбекистон электротехника саноатини ривожлантиришга доир қарор қабул қилинди

Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, “Ўзэлтехсаноат” уюшмасига янги маҳсулотларни ўзлаштириш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. 

Ўзбекистонда маҳсулотларига ички ва ташқи бозорда барқарор талабни шакллантириш, давлат харидлари ва саноат кооперациясидан кенг фойдаланиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Айниқса, қурилиш, энергетика, ахборот ва коммуникация технологиялари, автомобилсозлик каби тармоқларда ички кооперацияни кенгайтириш зарурлиги таъкидланди. 

Жаҳонга машҳур “бренд”лар билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, маҳсулотларни халқаро стандартлар асосида сертификатлаш тизимини йўлга қўйиш бўйича топшириқлар берилди. 

Йиғилишда берилган топшириқлар юзасидан зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди.