Тошкентда енгил турдаги қурилмаларни жойлаштиришга доир қарор лойиҳаси тайёрланди

Тошкент шаҳар ҳокимлиги енгил турдаги қурилмаларни вақтинчалик жойлаштириш тартибига доир ҳужжат лойиҳасини тайёрлади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 21 май – Sputnik. “Енгил турдаги қурилмаларни вақтинчалик жойлаштириш учун рухсат бериш тартиби тўғрисида”ги Тошкент шаҳар ҳокими қарори лойиҳаси тайёрланди.

Тошкент ҳокимига ўринбосарлар тайинланди

Қарорга қуйидагилар илова қилинган:

- енгил турдаги қурилмаларни вақтинчалик жойлаштириш учун рухсат бериш тартиби тўғрисида Низом;

- юридик ва жисмоний шахсларнинг енгил турдаги қурилмаларни вақтинчалик жойлаштириш учун руҳсат бериш тўғрисидаги мурожаатларини кўриб чиқувчи ишчи гуруҳ таркиби;

- енгил турдаги қурилмани вақтинчалик жойлаштириш схемаси акс эттирилган намунавий эскиз лойиҳаси.

Қарорда айтилишича, юридик ва жисмоний шахсларга Тошкент шаҳри ҳудудида енгил турдаги қурилмаларни вақтинчалик жойлаштириш учун рухсат бериш Ишчи гуруҳнинг баённомаси ва Қурилиш бош бошқармасининг ижобий хулосасига асосан Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан рухсат берилади.

Қарор лойиҳасида “енгил турдаги қурилмалар” иборасига таъриф берилган. Унга кўра, бу қурилма - енгил конструкциялардан барпо этилган, бузиб олиб (бартараф этиб) кўчиришга имконияти мавжуд қурилма ҳисобланади.

“Енгил турдаги қурилмаларни бозор атроф ҳудудлари, магистрал ва шох кўчалар ҳамда шаҳарнинг марказий ва маҳсус кўчалари бўйида, жамоат транспорти бекатлари ва бекатларига туташиб кетган ҳудудларга, янги мавзеларга ҳамда чиқиндиларни ва бошқа заҳарли моддаларни кўмиш жойлари яқинидаги қўриқланадиган мухофаза ҳудудларида жойлаштиришга рухсат берилмайди”, - дейилган қарор лойиҳасида.

“Ариза берувчи томонидан ўз ихтиёрига кўра қўшимча равишда жойлаштирилиши режалаштирилган енгил турдаги қурилма ва унинг атроф ҳудудини:

замонавий услубдаги ёритиш тизимлари билан жиҳозлаш;

бепул интернет тармоғини (WI-FI) ўрнатиш;

миллий хунармандчилик ёки замонавий дизайндаги ўриндиклар, чиқиндиларни ташлаш қутилари, хожатхона (шу жумладан био хожатхоналар) иншоотларини ўрнатиш;

енгил турдаги объектнинг фаолияти даврида электр энергия, сув ва оқава сув хизматларидан фойдаланишнинг муқобил ва тежамкор турларини амалиётда жорий қилиш ҳақидаги режа ва таклифларини ҳам тақдим қилиши мумкин”, - дейилган ҳужжатда.