Шавкат Мирзиёевга истиқболли инвестицион лойиҳалар тақдим этилди

Тошкент механика заводи ҳудудида ишга тушириладиган 19та саноат-инвестицион лойиҳалар  президентга тақдим этилди.  
Sputnik

ТОШКЕНТ, 20 май - Sputnik. Шавкат Мирзиёев Тошкент механика заводининг ҳозир фойдаланилмаётган бино ва майдонларида ишга тушириладиган истиқболли саноат лойиҳалари билан танишди, деб хабар қилмоқда президент матбуот хизмати.

Шавкат Мирзиёевга истиқболли инвестицион лойиҳалар тақдим этилди

Аввал берилган топшириқларга мувофиқ, Тошкент шаҳрида амалга ошириш учун умумий қиймати 617 миллион АҚШ долларидан зиёд 19 та янги инвестиция лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ушбу лойиҳаларнинг барчаси саноат соҳасида бўлиб, улар натижасида 10 мингдан ортиқ иш ўрни яратилади. Ҳар йили қарийб 1 миллиард долларлик бозорбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш, 290 миллион доллардан зиёд экспорт қилиш имконияти пайдо бўлади.

Ўзбекистонда электр ўчмайдиган бўлади - инвестицион лойиҳа шартлари тасдиқланди

Лойиҳалар қўшилган қиймати ва маҳаллийлаштириш даражаси юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган. Кенг турдаги маиший техникалар, лифт ва эскалаторлар, насослар, сув иситгичлар, қоғоз ва қурилиш материаллари, озиқ-овқат маҳсулотлари, маиший кимё воситалари, заргарлик ва шиша товарлари шулар жумласидандир.  

Инвестор ва ташаббускорлар ўз лойиҳалари юзасидан тақдимотлар ўтказди. Ушбу корхоналар Тошкент механика заводи бино ва майдонларида 2019-2020 йиллар давомида ишга туширилади.

Эслатиб ўтамиз, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг 2018 йил 21 декабрь куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари сессиясида пойтахтни йирик ишбилармонлик марказига айлантириш, инвестицияларни фаол жалб қилиб, замонавий корхоналар ташкил этиш бўйича вазифалар белгиланган эди.