Алламжонов “Озодлик” нашри ишлари бўйича расмий баёнот билан чиқди

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги “Озодлик”ни маълумотларни сохталаштириш, ижтимоий ва маиший масалаларга қасддан сиёсий тус беришда айблади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 20 май – Sputnik. Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комил Алламжонов кейинги пайтларда “Озодлик” нашри ўзбек хизмати журналистик этиканинг умум қабул қилинган меъёрларига зид равишда фаолият юритаётгани юзасидан расмий баёнот билан чиқди.

“Озодлик” таҳририятининг нохолис ва асосан ишончсиз материалларни нашр этишга қаратилган бир ёқлама ва янглиш сиёсати жамоатчилик, умуман глобал аудиториянинг чалғишига сабаб бўлиб, бу вазият кўплаб саволларни келтириб чиқармоқда. Бундан ташқари, ижтимоий ва маиший масалаларга қасддан сиёсий тус бериш, алдов йўли билан маълумот тўплаш ҳамда аудиоёзувларни сохталаштириш ҳолатлари ҳайратланарлидир”, - дея ёзган Алламжонов ўзининг Facebook᾽даги саҳифасида

Алламжоновнинг маълум қилишича, 2018 йил сентябрь ойида Тошкентда “Озод Европа радиоси / Озодлик радиоси” раҳбарияти билан бўлиб ўтган мулоқот давомида Ўзбекистон икки тарафлама ўзаро манфаатли муносабатларга тайёр экани билдирилган. "Озодлик" журналистларига ўзларини қизиқтирган маълумотларни олишларида ва ҳукумат идоралари билан алоқа ўрнатишларида кўмаклашишни кўзда тутувчи ҳамкорлик таклиф этилган.  

Ўзбекистонда бир қатор хорижий сайтларга кириш имконияти тикланди

Агентлик директори бугунга қадар улар томонидан ҳеч қандай жавоб бўлмаганини афсус билан қайд этган.

У Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги республика ҳамда хорижий оммавий ахборот воситаларини журналистиканинг "виждон кодекси"га риоя этишга ва асосланмаган фикрлар, миш-мишлар тарқатилишига йўл қўймасликка такроран чақиришини қўшимча қилган.

Алламжонов Ўзбекистонда сўнгги пайтда бир қатор хорижий ахборот агентликлари, жумладан, Voice of America᾽нинг ўзбек хизмати, “Фергана”, Eurasianet, China News Service ва бошқа ташкилотларнинг мухбирлари аккредитациядан ўтказилганини эслатиб ўтди.

Агентлик ахборот соҳасида, жумладан, ОАВ ходимларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг профессионал савиясини кўтариш, фуқаролик журналистикасини ривожлантириш, ҳукумат идоралари фаолияти шаффофлигини таъминлаш ҳамда мамлакатда рақобатбардош медиабозорни яратиш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар доирасида ҳамкорликка тайёрлиги ва очиқлигини яна бир бор маълум қилади, дея қўшимча қилган у.