Абдулазиз Камилов Тожикистон президенти билан учрашди

Тожикистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш борасидаги ташаббусларини юқори баҳолади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 20 май – Sputnik. Душанбе шаҳрида амалий ташриф билан бўлган Ўзбекистон Ташқи ишлари вазири Абдулазиз Камилов Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон томонидан қабул қилинди.

ТИВ хабарига кўра, бўлиб ўтган суҳбат чоғида Тожикистон пойтахтида ўтказилган “Терроризм ва уни молиялаштириш асослари, хусусан наркотикларнинг ноқонуний айланиши ва уюшган жиноятчиликка қарши курашда халқаро ва минтақавий ҳамкорлик” мавзусидаги юқори даражали халқаро конференцияда кўрилган муаммоларнинг долзарблиги қайд этилган.

Камилов: Ўзбекистон терроризм муаммосига қарши биргаликда курашга чорлайди

Учрашувда икки томонлама даражадаги ва халқаро шакллардаги Ўзбекистон – Тожикистон муносабатларининг амалий масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, Марказий Осиёда кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.

Хабарда Тожикистон президенти Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш борасидаги ташаббусларини юқори баҳолагани қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, Абдулазиз Камилов Душанбе шаҳрида Тожикистон ҳукумати, БМТ ва Европа Иттифоқи томонидан ташкиллаштирилган халқаро конференцияда иштирок этиб, нутқ сўзлади.