МГИМО филиалида тармоқли таълим шакли йўлга қўйилади - Торкунов

МГИМО ректори олийгоҳ тармоқли таълим шаклини фаол йўлга қўйишни режалаштираётганини айтиб ўтди. 
Sputnik

ТОШКЕНТ, 19 май - Sputnik. Тошкентда очилаётган МГИМО филиали иқтисод соҳасида самарали фаолият олиб борадиган, бугунги кунда мамлакат олдида инвестиция борасида турган масалаларга ечим топа оладиган янги авлод юристларини тайёрлаб беради, деди бугун Тошкентда ўтказилган МГИМО битирувчиларининг бешинчи форумида Москва давлат халқаро алоқалар институти ректори Анатолий Торкунов.

Мирзиёев ва Путин табрик сўзлари МГИМО форуми иштирокчиларига етказилди

Торкуновнинг айтишича, таълим шакли кундузги бўлиб, талабалар бакалавр ва магистр дастурлари бўйича тўлақонли таълим олиш имконига эга бўлади.

"Тошкентдаги ўқитувчилар таркиби таҳсинга лойиқ. Табиийки, МГИМО ўқитувчилари ҳам келиб дарс беришади. Лекин биз учун маҳаллий педагоглар иштироки муҳим аҳамиятга эга. Дипломатия университетини яхши биламан. Албатта, ушбу университет домлалари ҳам бизнинг филиалимизда дарс беришларини истаймиз", - деди Торкунов.

МГИМО ректори олийгоҳ тармоқли таълим шаклини фаол йўлга қўйишни режалаштираётганини айтиб ўтди. 

"Тошкентдаги МГИМО филиалида таҳсил оладиганлар албатта, битта семестр Москвада ўқишади", - дея маълум қилди Торкунов.

У келажакда ушбу филиал нафақат Ўзбекистон, балки бошқа давлат фуқаролари орасида ҳам шуҳрат қозонишига ишонч билдирди.