Тошкент яқинида икки аёл ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлди

Юк машинасига бориб урилиши оқибатида, авария содир бўлган ва бу икки аёлнинг ўлимига олиб келган
Sputnik

ТОШКЕНТ, 18 май - Sputnik. Янгийўл туманида "Кобальт"нинг "МАЗ-509А" юк машинасининг яримтиркама бортига урилиши натижасида икки киши вафот этди, уч киши шифохонага ётқизилди, деб хабар берди ИИВ Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси.

ИИВ Андижонда гулларни суғораётиб ҳалок бўлган аёллар ҳодисасига муносабат эълон қилди

ИИВ хабарига кўра, авария 17 май куни Тошкент вилояти Янгийўл тумани ҳудудидан ўтувчи Тошкент-Термиз йўлининг 827 километрида содир бўлган.

Сурхондарёдан бўлган "Кобальт" русумли автомашина ҳайдовчиси техник носозлиги сабабли тўхтаб турган "МАЗ-509А" юк автомашинасининг яримтиркама бортига урилиб, тўқнашув содир этган. 

Натижада "Кобальт" автомашинаси йўловчилари, Сурхондарё вилоятидан бўлган икки аёл воқеа жойида вафот этган.

Шунингдек, "Кобальт" автомашинаси ҳайдовчиси жароҳат олиб касалхонага ётқизилган ва унинг яна 2 нафар йўловчиларига касалхонада тиббий ёрдам кўрсатилган.

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.