Ўзбек аёллари қачон Марказий Банк раиси бўлиши мумкин - Кристин Лагард жавоби

Халқаро валюта жамғармаси раҳбари Кристин Лагард ишда қандай муваффақият қозониш сирлари билан бўлишди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 17 май – Sputnik. Ўзбекистонлик аёллар ҳам МБ раиси лавозимини эгаллашлари мумкин, фақат бунинг учун улардан ўзига бўлган ишонч ва ҳаракат талаб этилади, деди бугун Марказий банкда талабалар билан ташкил этилган учрашувда Халқаро валюта жамғармаси раҳбари Кристин Лагард.

Ходжаева: давлат бошқарув органларида аёллар атиги 17 %ни ташкил қилади

Лагарддан бундай глобал ташкилотга раҳбарлик қилиш қийин эмасми, Ўзбекистон Марказий банки раиси бўлишни хоҳловчи аёллардан нима талаб этилади, дея сўрашди.

"Барча ютуқлар замирида тинимсиз, машаққатли меҳнат ётади. Айниқса, гап аёллар ҳақида борса. Биз, аёллар, қўлимиздан келадиган ишларни кўрсатиш учун ҳаммадан кўп тиришқоқлик кўрсатишимиз, ўз кучимизни ҳар доим исботлашимиз керак бўлади. Яъни ҳар доим ўз олдимизга қўйган мақсадимиз сари интилишимиз, дадил олға қадам ташлашимиз, ҳеч қачон ортга чекинмаслигимиз ва ҳеч қачон агрессив (жаҳлдор) бўлмаслигимиз керак. Негаки, биз эркаклар ва аёллар билан биргаликда битта жамоада ишлашимиз керак бўлади. Агарда сизда ўзингизга нисбатан ишонч бўлса ва ҳаракатчан бўлсангиз, сиз ҳеч кимга таҳдид бўлмайсиз. Сиз куч, ижобий куч бўласиз, ва ўйлайманки, ҳозирда бу ерда ўтирганларнинг айримлари албатта, қачондир МБ раиси бўлади", - дея иқтибос келтирмоқда Лагард сўзларидан Sputnik Ўзбекистон.

У шунингдек, ишнинг бахтли бўлишдаги аҳамияти ҳақида ҳам қўшимча қилди. Унинг сўзларига кўра, иш ташкилотга интеграллашишга, профессионал жамиятнинг бир бўлагига айланишга ёрдам беради. Ва шу маънода, Лагард фикрича, иш бахтли бўлишда муҳим роль ўйнайди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Бутунжаҳон банки томонидан ўтказилган "Аёллар, бизнес ва қонун - 2019" тадқиқоти натижаларига кўра, гендер тенгликка эришган мамлакатлар рейтингида 70.6 балл олган. Гватемала ва Конгонинг кўрсаткичи ҳам тахминан шунчани ташкил этади.