Тошкент – Иссиқкўл йўналишида мавсумий поездлар қатнови йўлга қўйилади

Ресторан вагонда сайёҳлар ва йўловчилар учун салқин ичимликлар мавжуд бўлиб, тансиқ таомлар ҳам тайёрланади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 17 май – Sputnik. Жорий йилнинг 6 июнь кунидан бошлаб мавсумий Тошкент – Бишкек – Балиқчи (Иссиқкўл) йўналишида халқаро йўловчи поездлар қатнови йўлга қўйилади, дея хабар қилди “Ўзбекистон темир йўллари”.

Россияга қатнаш учун Хитойдан 100та автобус сотиб олинди

Ўзбекистон ва Қирғизистон давлатлари ўртасида сайёҳликни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган поезд ҳафтанинг ҳар пайшанба куни Тошкент-Марказий вокзалидан кечки соат 20:50да йўлга чиқиб, Қозоғистон ҳудуди орқали ҳаракатланади ва жума куни кечки 20:29да Балиқчи вокзалига етиб боради. Иссиқкўлдан шанба куни соат 01:59да ҳаракатланган поезд Тошкент шаҳрига якшанба куни соат 05:00да етиб келади.

Халқаро қатнов Ўзбекистоннинг “Салар”, “Чуқурсой”, “Келес2, Қозоғистоннинг “Сариағач2, “Арис-1”, “Чимкент”, “Манкент”, “Тюлкубас”, “Абаил”, “Бурноэ”, “Жамбул”, “Луговая” ҳамда Қирғизистоннинг “Мерке”, “Чалвадор”, “Қаинди”, “Қораболта”, “Беловодск”, “Тўқмоқ” станциялари, Бишкек-2 ва Балиқчи вокзали орқали амалга оширилади.

Қайд этилишича, Тошкент – Бишкек – Балиқчи (Иссиқкўл) йўналишида халқаро йўловчи поездида йўловчилар учун барча шарт-шароитлар яратилган. Вагонлар шинам ва ёруғ, совитиш тизимлари билан жиҳозланган. Ресторан вагонда сайёҳлар ва йўловчилар учун салқин ичимликлар мавжуд бўлиб, тансиқ таомлар ҳам тайёрланади.