Шавкат Мирзиёев Халқаро валюта жамғармаси раҳбарини қабул қилди

Бугун Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Халқаро валюта жамғармаси бошқарувчи директори Кристин Лагардни қабул қилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 17 май – Sputnik. Бугун Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Халқаро валюта жамғармаси бошқарувчи директори Кристин Лагардни қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Халқаро валюта жамғармасининг ҳамкорлиги истиқболлари батафсил муҳокама қилинди ва бу борадаги устувор йўналишлар белгилаб олинди.

Шавкат Мирзиёев Халқаро валюта жамғармаси раҳбарини қабул қилди

Пул-кредит ва солиқ-бюджет сиёсатини такомиллаштириш, монетар сиёсатнинг самарали воситаларини жорий этиш, мамлакатда ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш ҳамда бошқа йўналишларда фаол ҳамкорликни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Кристин Лагард жамғарма мамлакатда барча тармоқ ва йўналишларни қамраб олган ҳолда фаол амалга оширилаётган ислоҳотларни юксак баҳолашини алоҳида таъкидлади.

Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш ва ўзаро ишончни ошириш, минтақавий савдо-иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги саъй-ҳаракатлари алоҳида қайд этилди.

Учрашув якунида Кристин Лагард Халқаро валюта жамғармаси мамлакатда самарали ислоҳотларни амалга ошириш ва иқтисодиётнинг барқарор ривожланишини таъминлашга ҳар томонлама кўмаклашишни давом эттиришга тайёр эканини тасдиқлади.