Самарқандда бир оиланинг 5 нафар аъзоси ваҳшийларча ўлдирилди – Бош прокуратура

Автомашина ўрта ва орқа ўриндиқларида фермер хўжалиги ишчиси, унинг турмуш ўртоғи ва 3 нафар ўғилларининг мурдалари қотиллик аломатлари билан топилган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 16 май – Sputnik. Самарқанд вилояти Қўшработ туманида  бир оиланинг 5 нафар аъзоси ўлдирилиб, уларнинг жасади машина ичига ташлаб кетилган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Хабарда қайд этилишича,  15.05.2019 йил соат 13:00 ларда Қўшработ тумани “Дўстлик” маҳалласи ҳудудида жойлашган фермер хўжалиги ер майдонидан “Дамас” русумли автомашина ўрта ва орқа ўриндиқларида Иштихон тумани Чимқўрғон қишлоғида яшаган, фермер хўжалиги ишчиси, унинг турмуш ўртоғи, уй бекаси ва 3 нафар ўғиллари ларнинг мурдалари, ҳар бирининг бош ва юз соҳаларида оғир тан жароҳатлари, яъни қотиллик аломатлари билан топилган.

Рашк ортидан қотиллик: Хоразмда жиноятчи қўлга олинди

Воқеа жойига зудлик билан Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари, Бош прокуратура Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси бошлиғи, вилоят прокурори, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ҳамда тезкор-тергов гуруҳи аъзолари чиққан.

Мазкур ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида Иштихон туман прокуратураси томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми "а" банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда мазкур мудҳиш жиноятни фош этиш учун барча зарурий тезкор-қидирув ва тергов ҳаракатлари тун-у кун амалга оширилмоқда.

Терговнинг бориши устидан Бош прокурорнинг алоҳида назорати ўрнатилди.