Порошенкони Зеленскийга ҳокимиятни силлиқ топширишга чақиришмоқда

“Катта еттилик” вакиллари Порошенкони Зеленскийга ҳокимиятни топширишга чақиришди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 16 май – Sputnik. “Катта еттилик” (G7) давлатлари вакиллари Украина президенти Пётр Порошенкони ҳокимиятни янги сайланган президент Владимир Зеленскийга топширишга чақиришди, дея хабар қилмоқда РИА Новости.

Қайд этилишича, Пётр Порошенконинг G7 ва Европа иттифоқи давлатлари элчилари билан учрашувида унинг президентлиги давомида амалга оширилган ислоҳотлар ва уларнинг натижалари муҳокама қилинган.

“G7 элчилари ҳокимиятнинг силлиқ топширилишига чақиришди, бу Украинага у танлаган ислоҳотлар йўлини давом эттиришга имкон беради”, - дейилади хабарда.

Порошенконинг матбуот хизматининг маълум қилишича, G7 вакиллари президент сайловлари юқори даражада ўтказилганини таъкидлашган.

Порошенко Зеленскийга маслаҳат берди

Аввалроқ Украина Олий радасининг тартиб-қоида масалалари бўйича қўмитаси Зеленскийнинг инаугурацияси санасига доир 7 та лойиҳани кўриб чиққан ва парламентни улардан ҳар бири бўйича овоз беришга чорлаган. Янги сайланган президент Зеленскийнинг ўзи эса инаугурацияси 19 май куни ўтишини талаб қилмоқда.

Украина МСК Владимир Зеленскийни президентлик сайловларида ғолиб чиққанини расман эълон қилди. У сайловнинг иккинчи босқичида 73,22 фоиз овоз тўплади. Амалдаги президент Пётр Порошенко сайловчиларнинг 24,45 фоиз овозини тўплаб, мағлубиятга учради.

Қонунга биноан янги давлат раҳбарининг инаугурацияси 3 июнга қадар бўлиб ўтиши керак.