Абдулазиз Камилов Душанбеда қайси масалаларни муҳокама қилади?

Абдулазиз Камилов 2019 йилнинг 17-18-май кунлари Душанбе шаҳрига ташриф буюради.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 16 май – Sputnik. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги делегация 2019 йилнинг 17-18-май кунлари Душанбе шаҳрига ташриф буюради. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар қилди.

Экстремистларни таъминлаётган "озуқа муҳитини" бартараф этишда давом этиш керак - Камилов

Хабарда айтилишига кўра, вазир Тожикистон пойтахтида “Терроризм ва уни молиялаштириш асослари, хусусан наркотикларнинг ноқонуний айланиши ва уюшган жиноятчиликка қарши курашда халқаро ва минтақавий ҳамкорлик” мавзусидаги юқори даражали конференцияда ва “Марказий Осиё – Япония” мулоқоти Ташқи ишлар вазирларининг 7-мажлисида иштирок этади.

Шунингдек, Камилов мазкур тадбирларда иштирок этаётган делегациялар раҳбарлари билан қатор икки томонлама учрашувлар ўтказиш ҳам режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Токиода Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Япония вакиллари кўп томонлама, жумладан, минтақавий хавфсизлик, савдо ва инвестиция, транспорт инфратузилмаси ва логистикани ривожлантириш ҳамда маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилди.