Ўзбекистон метросида алоқасиз тўлов тизими жорий этилади

MasterCard компаниясининг Грузия ва Марказий Осиё мамлакатларидаги минтақавий раҳбари Игорь Степанов Ўзбекистонда Марказий банк билан ҳамкорликда йўлга тушириладиган лойиҳалари ҳақида сўзлаб берди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 14 май - Sputnik. Марказий банк билан транспорт бўйича пилот лойиҳани ишга тушириш юзасидан музокалар ўтказдик ва дастлаб Ўзбекистон метросида алоқасиз тўлов тизими йўлга қўйишга келишдик, деди Sputnik Ўзбекистон мухбири билан суҳбатда MasterCard компаниясининг Грузия ва Марказий Осиё мамлакатларидаги минтақавий раҳбари Игорь Степанов.

HUMO тўлов тизими бизга нима учун керак?

"Бу бизнинг ҳамкорликдаги биринчи катта қадамимиз. Кейинчалик транспортнинг бошқа турларида ҳам карталар орқали тўловни амалга ошириш тизимини кенгайтиришни мўлжаллаганмиз. Яъни эндиликда фуқароларга жетон, проездной ёки қанақадир талон харид қилишларига эҳтиёж қолмайди. Аслида алоқасиз тўлов тизими дунёнинг кўплаб шаҳарларида ишлайди. Масалан, Лондон, Прага, Киев, Санкт-Петербург ва Сингапурда. Бу лойиҳа смарт-сити концепциясига киради. Аммо у фақатгина транспорт билан чегараланмайди, мисол учун агар парковка пулли бўлса, худди шу усулда парковка учун тўловни амалга ошириш мумкин. Ёки стадионга кириш пуллик бўлса, алоқасиз тўлов усули орқали тўлаш мумкин", - деди Степанов.

У шунингдек, айни дамда Ўзбекистонда бозор очиқлиги тенденцияси кузатилаётгани, банклар эса ҳамкорликка, ривожланишга тайёрлигини кўраётганини қайд этди ва "бу жуда муҳим" кўрсаткичлигини таъкидлади.

Ўзбекистон метросида алоқасиз тўлов тизими жорий этилади