Eni Ўзбекистон нефт-газ бозорига кирмоқчи

Италиянинг Eni компанияси Ўзбекистонда ваколатхона очишни режалаштирмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 14 мая – Sputnik. Италиянинг  Eni халқаро нефт-газ компанияси Ўзбекистон бозорига кириш имкониятини қидирмоқда, деб хабар қилди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги.  

Хабарда айтилишига кўра, Ўзбекистоннинг Белгиядаги элчиси Дилёр Ҳакимов Брюсселда Eni S.p.A компаниясининг катта вице-президенти Фабио Марчетти билан учрашиб Ўзбекистон энергетика бозорида италия компаянияси билан ҳамкорлик қилиш истиқболлари бўйича музокаралар ўтказди.   

“Ўзбекистон энергетика манбаалари ҳақида маълумот олиб уларни таҳлил қилиб чиққанидан, Eni ўзаро анлашув меморандумини имзолаш ва Ўзбекистонда ваколатхона очиш масаласини кўриб чиқади”, - дейилган ТИВ хабарида.

Италия компанияси шунингдек, Тошкентда 15-17 май кунлари бўлиб ўтадиган 23-халқаро “Ўзбекистон нефт ва газ -2019” кўргазмасида иштирок этиш истагини билдирди.

Eni - Италиянинг энг йирик нефт қазиб олувчи компанияси бўлиб, бугунги кунда у дунёнинг 83 мамлакатида фаолияти юритиб келмоқда. 1953 йилда ташкил қилинган компаниянинг асосий фаолият ҳудудлари Африка, Россия ва Қозоғистондир.