Тошкентда 30% солиқчилар аттестациядан ўта олмади

Тошкентда 30% солиқчилар аттестациядан ўта олмади, яна 26% шартли равишда ўтган. Тошкентда аҳвол шу бўлса, бошқа вилоятларни қандай экан?
Sputnik

ТОШКЕНТ, 13 май – Sputnik. Давлат Солиқ қўмитаси Тошкент шаҳар солиқчиларини аттестациядан ўтказмоқда, деб хабар қилмоқда қўмита матбуот хизмати.    

Аттестациянинг биринчи ҳафтасида пойтахтнинг тўрт тумани: Миробод, Мирзо-Улуғбек, Юнусобод ва Яккасарой туманлари солиқчилари имтиҳондан ўтишди.

Хабарда айтилишига кўра, солиқчилар фақат ўзларининг хизмат вазифалари юзасидан қўилган саволларга жавоб беришган. Шунингдек, барча саволлар олдиндан ички корпоратив тармоқ орқали эълон қилинган бўлган.

Шундай бўлсада, аттестация натижаларига кўра, фақат 44 % ходимлар имтиҳондан муваффақиятли ўтишган. 30 % - аттестациядан ўта олмаган, қолган 26 % эса – шартли равишда аттестациядан ўтган.

Шу ўринда ўз-ўидан савол туғилади, Тошкентда аҳвол шу бўлса, бошқа вилоятларни қандай экан-а?

Қўмита айтишига қараганда, ушбу аттестацияни ўтказишдан мақсад – ходимлар орасида кучли ва ўқимишли мутахассисларни аниқлаб, уларни юқорироқ лавозимларга тайинлаш бўлган.