ТОШКЕНТ, 11 май – Sputnik. Ўзбекистон Ҳукуматининг 8 май куни қабул қилинган 386-сонли қарорига асосан, ҳайвонот оламига мансуб маҳсулот ва хомашёларни ишлаб чиқариш, сақлаш ва сотиш бўйича янги ветеринария-санитария норма ва қоидалари тасдиқланди.
Янги қонунга кўра, тижорат мақсадларида ҳайвонларни фақат ихтисослаштирилган сўйиш корхоналарида сўйишга рухсат берилган.
“Ҳайвонларни, тижорат мақсадлари учун ихтисослаштирилган ва мини сўйиш корхоналарида сўйдириш мажбурийдир. Рухсат этилмаган жойларда, шу жумладан уй шароитида ҳайвонларни тижорат мақсадларида сўйиш қатъиян таъқиқланади”, - дейилган қарор матнида.
Шунингдек, янги қонунга кўра, қуйидаги ҳолатларда гўшт маҳсулотларини сотишга рухсат берилмайди:
- сўйилиши ихтисослаштирилган ва мини сўйиш корхоналарида амалга оширилмаган бўлса;
- белгиланмаган транспорт воситаларида етказиб берилган бўлса;
- ветеринария ҳужжатлари бўлмаса;
- ихтисослаштирилган сўйиш корхонасининг Ф-200 шаклдаги маълумотномаси бўлмаса;
- ветеринария-санитария экспертизасининг хулосаси бўлмаса;
- оёқлари ва бош қисми жун билан бирга бўлса, паррандаларнинг патлари юлинмаган бўлса;
- хона ёки кўча ҳароратида илгакка осилган ёки ерга (очиқ раста устига) очиқ ҳолда қўйилган бўлса;
- ветеринария-санитария жиҳатидан хавфсизлиги кафолатланган гўштларнинг ягона электрон базасига киритилмаган бўлса.
Ундан ташқари
Транспорт. Янги қонунда гўшт ва гўшт маҳсулотларини ташиш учун мўлжалланган транспортлар поли, идишлари силлиқ ва маҳсулот хусусиятларига ҳамда соғлиққа таъсир қилмайдиган материаллардан тайёрланган бўлиши, тозалаш ва дезинфекция қилиш учун қулай бўлиши кераклиги таъкидлаган.
Сут. Сутнинг ҳарорати қайта ишлаш жойигача ташиш пайтида ва қайта ишлаш бошланишигача 8°С бўлиши керак.Сут цистерналари ҳар сафар сутдан бўшатилганидан сўнг ювилиши ва дезинфекцияланиши лозим.
Балиқ. Балиқ ишлаб чиқариш объектларида сув ўтказмайдиган, тозалаш, дезинфекция қилиш, сув оқиб чиқиши учун қулай пол қопламалари, сув оқиб чиқишини таъминловчи қурилмалар бўлиши шарт. Балиқчилик маҳсулотлари тоза совутилган сувда кема бортида уч кундан ортиқ бўлмаган муддатда сақланади.
Ихтисослашган сўйиш корхонлари 2019-2021 йилларда босқичма-босқич ташкил этилади. Гўшт ва сут маҳсулотларини сақлаш, ташиш ва сотишга қўйиладиган талабларнинг тўлиқ рўйхати билан lex.uz сайтиджа жойлаштирилган қарор матни билан тўлиқ танишиш мумкин.