ТОШКЕНТ, 6 май – Sputnik. Ўзбекистон прокуратура органлари кредитларни мақсадсиз сафрлаш ҳолатини аниқлади.
Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар қилди.
Хабарда айтилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Китоб туман бўлими ходимлари томонидан “Ҳар бир оила-тадбиркор” давлат дастури бўйича фуқароларга “Иссиқхона” қуриш учун ажратилган кредитларнинг мақсадли ишлатилиши юзасидан ўтказилган мониторингда, туманда тузилган ишчи гуруҳ ва банк ходимлари томонидан кредит олиш учун мурожаат қилган фуқароларнинг эҳтиёжмандлиги жойига чиқиб ўрганилмасдан ва кредит ажратилишига оид ҳужжатларнинг ҳаққонийлиги текширилмасдан кредитлар ажратилиши оқибатида, иссиқхона қуриш учун AT “Халқ банки” Китоб филиалидан 11 нафар фуқароларга 147 млн. сўм кредит маблағлари ноқонуний ажратилиб, кредитларнинг мақсадсиз сарфланганлиги аниқланган.
Ҳолат юзасидан AT “Халқ банки” Китоб филиали мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.