ТОШКЕНТ, 6 май - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Москва шаҳрининг "Шереметьево" аэропортида самолётнинг фавқулодда қўниши оқибатида инсонлар ҳалок бўлгани муносабати билан Россия Федерацияси президенти Владимир Путинга ҳамдардлик мактуби йўллади.
Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
“Давлатимиз раҳбари ҳалок бўлганларнинг яқинларига самимий таъзия ва ҳамдардлик билдириб, жароҳат олганларнинг тез фурсатда соғайишларини тилади”, - дейилади хабарда.
Аввалроқ Москвадаги “Шереметево” аэропортида Мурманск шаҳрига кетаётган Sukhoi Superjet 100 йўловчи самолёти фавқулодда қўнишни амалга ошираётган вақтда ёниб кетгани ҳақида хабар қилинган эди. "Аэрофлот"га қарашли самолёт ҳавога кўтарилгандан бироздан кейин қўнишга рухсат сўраган. Бунга самолёт қанотининг ёнаётгани сабаб бўлган. Сўнгги маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида 41 нафар киши ҳалок бўлган.