Тошкентда илк маротаба Ўзбекистон - БАА халқаро меҳнат форуми ўтказилди

Форум доирасида Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида меҳнат миграцияси соҳасида ўзаро ҳамкорлик Меморандумини имзоланди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 4 май - Sputnik. Тошкентда илк маротаба Ўзбекистон - Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликда халқаро меҳнат форуми ўтказилди, деб хабар қилди Sputnik мухбирига Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Самарқанд вилоят филиали директори Азизбек Хафизов.

Мирзиёев Ўзбекистон-БАА келишувларини амалга ошириш бўйича топшириқлар берди

Форумни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев ҳамда БАА Инсон ресурслари ва амирлаштириш вазири Нассер бин Тани аль Хамли очиб берди.

Куннинг биринчи ярмида икки вазирлик ўртасидаги ҳамкорлик ишларини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режасини имзолаш маросими ўтказилди. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Мухитдинов ҳамда БАА Инсон ресурслари ва амирлаштириш вазирлиги Халқаро ҳамкорлик департаменти директори Абдулла Али Ал Нуаими меҳнат ресурслари ва бу борадаги ўзаро истиқболли лойиҳалар бўйича чиқиш қилишди.

Шунингдек, Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликларининг меҳнат соҳасидаги ҳамкорлигига бағишланган видеотақдимотлар намойиш этилди.

Форум доирасида Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида меҳнат миграцияси соҳасида ўзаро ҳамкорлик Меморандумини имзоланди.

Форумда Бирлашган Араб Амирлигидан 14 та салохиятли иш берувчи, рекрутинг ва аутсорсинг компаниялар ва Ўзбекистондаги 50 дан ортиқ Хусусий бандлик агентликлари иштирок этган бўлиб, куннинг иккинчи ярмида ўзаро ҳамкорлик масалалари кенг муҳокама қилинди.