ТОШКЕНТ, 4 май – Sputnik. Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати Тошкентдаги А.Қодирий кўчасида безорилик қилиб ҳайдовчини калталаган шахс қўлга олингани ҳақида хабар қилди.
Хабарда айтилишича, 2018 йил 2 декабрь куни вақтинча Тошкент шаҳрининг М.Улуғбек туманида яшовчи Б.Т. ўзининг “Cobalt” русумли автомашинасини А.Қодирий кўчасида ҳайдаб кетаётган вақтида, шу ерда ҳаракатланиб бораётган номаълум шахс бошқарувидаги давлат рақамлари аниқланмаган “Lacetti” русумли автомашинаси билан йўл талашган.
Натижада номаълум шахс автомашинани тўхтатиб, безорилик оқибатида Б.Т.ни юзига қўллари билан уриб, жароҳат етказган ва воқеа жойидан яширинган.
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган эди.
Кўрилган чоралар натижасида ушбу жиноятни М.Улуғбек тумани Қоракўл кўчасида яшовчи Р.Т. содир этганлиги аниқланиб, ушланган.
Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.