ТОШКЕНТ, 3 май - Sputnik. 2019 йил 30 апрель куни соат 21:25 да "Тошгузар – Бойсун – Қумқўрғон" темир йўлининг Оқработ – Чашмаиҳофизон темир йўл участкасининг 103 километрида (Оқработ станциясидан 8 километр узоқликда) поезд ҳаракатининг ўнг томонида ер кўчкиси содир бўлди, деб хабар қилди "Ўзбекистон темир йўллари".
Ер кўчкиси пайтида ушбу участкадан №081-сонли Сариосиё – Тошкент йўналишдаги йўловчи поезди ҳаракатланаётган эди. Кўчки оқибатида поезднинг 3 та вагони ҳаракатдан тўхтади. Мазкур поезд ишчи-ходимлари (бригадаси) томонидан ўз вақтида амалга оширилган тезкор саъй-ҳаракат туфайли барча йўловчилар поезднинг қолган вагонларига кўчирилди ва жойлаштирилди.
Таъкидланишича, мазкур ҳолатда ҳеч ким жабрланмаган. Барча буюм ва ҳужжатлар ўз эгаларига етказилган.
Соат 22:10 да №081-сонли поезд "Деҳқонобод" станциясига етиб келган ва у ерда йўловчи поезди тўлиқ техник кўрикдан ўтказилган, шунингдек, йўловчиларни жойлаштириш мақсадида қўшимча иккита вагон уланган. Сариосиё – Тошкент йўналишдаги йўловчи поезди ўз манзилига етиб борган.
Ҳозирги вақтда шикастланган темир йўлнинг устки қисми ва пўлат излари тўлиқ тикланган. Юк ташиш ва йўловчи поездларнинг ҳаракатланиши белгиланган тартибда йўлга қўйилган. Кўчки содир бўлган ҳудуд ”Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ходимлари томонидан назоратга олинган.
Оммавий ахборот воситаларида тарқатилаётган фотосуратларда пўлат изларининг қайта тиклаш жараёни акс эттирилган.