Стратегик лойиҳалар ва Афғонистондаги тинчлик: Мирзиёев ва Лавров нималарни муҳокама қилди

Учрашувда олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш ҳамда самарали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 2 май - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Марказий Осиёда гиёҳванд моддаларни назорат қилиш соҳасидаги минтақавий ҳамкорлик бўйича ўзаро англашув меморандуми иштирокчи давлатларининг 11-мажлисида қатнашиш доирасида мамлакатда амалий ташриф билан бўлиб турган Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровни қабул қилди.

Лавров: РФ ва Ўзбекистоннинг Афғонистон бўйича позициялари жуда ўхшаш

Ўзбекистон раҳбари Лавровни самимий қутлар экан, Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари юқори суръат билан ривожланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этди.

Ўз навбатида, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Мирзиёевга самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, президент Владимир Путиннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди. 

Томонларнинг сиёсий иродаси ва олий даражадаги фаол мулоқот ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш, уни аниқ мазмун билан бойитишга хизмат қилаётгани таъкидланди.

Учрашувда олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш ҳамда самарали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар, жумладан, БМТ, ШҲТ, МДҲ ва бошқа тузилмалар доирасидаги ҳамкорликнинг долзарб жиҳатлари ва Афғонистонда тинчлик жараёнини илгари суриш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Лавров Тошкентда: Россия ТИВ раҳбари ўзбекона меҳмондўстлик учун раҳмат айтди

Сергей Лавров Россия Ўзбекистоннинг Афғонистондаги вазиятни тез фурсатда барқарорлаштиришга кўмаклашиш, ушбу мамлакатни минтақавий савдо-иқтисодий ҳамкорликка жалб этиш борасидаги фаол саъй-ҳаракатларига юксак баҳо бериши ва уларни қўллаб-қувватлашини билдирди.

Учрашув якунида икки давлат халқларининг фаровонлиги, минтақада тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиёт йўлида дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга қатъий интилишлари алоҳида таъкидланди.