ТОШКЕНТ, 2 май - Sputnik. Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров 2 май куни ўзбекистонлик ҳамкасби Абдулазиз Камилов билан учрашуви чоғида меҳмондўст Тошкентга ташрифи таассуротлари ва олдинда турган режалар ҳақида ўртоқлашди, деб хабар қилмоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.
"Делегациямиз ва шахсан ўз номимдан эртанги кўпқиррали тадбирда иштирок этиш ва ишчи ташрифни амалга ошириш мақсадида меҳмондўст Тошкентга ташриф уюштириш таклифи учун миннатдорлик билдираман", - деди у Камиловга юзланар экан.
Россия ТИВ раҳбари, шунингдек, икки давлат ўртасидаги дўстона, ишончга асосланган, иттифоқдошлик, стратегик шериклик муносабатлари характеристикасини тўлиқ қўллаб-қувватлашини айтди.
"Россия Федерацияси президенти В.В. Путиннинг 2018 йил октябр ойида Ўзбекистон Республикасига уюштирган давлат ташрифи давомида буларнинг барчаси ўз тасдиғини топди. Тошкентда ўтказилган музокаралар ўтган йилда иккиёқлама муносабатларимизнинг асосий воқеасига айланди. Бу йил ҳам етакчиларимизнинг бўлғуси алоқалари Россия-Ўзбекистон ҳамкорлигининг барча йўналишларини белгилаб беради. Шуни қайд этмоқчиманки, Россия президентининг Ўзбекистонга ташрифи ташқи сиёсий соҳадаги йўналишни мувофиқлаштиришда жуда ҳам сермаҳсул бўлди. Бунда нафақат сиёсий соҳада, балки иқтисодий, айниқса инвестицион соҳада ҳамкорликни кучайтиришга эришилди, одамлар ўртасидаги алоқаларни чуқурлаштиришга хизмат қиладиган қатор механизмлар вужудга келди", - деди Россия ТИВ етакчиси.
Лавровнинг сўзларига кўра, бугун ва эртага бўлиб ўтадиган музокаралар чоғида Россия ва Ўзбекистон ТИВ вакиллари икки давлат президентлари ўртасида бўлган келишувларни тўлиқ ҳажмда амалга ошириш учун алоҳида эътибор талаб қиладиган йўналишларни белгилаб олишлари кутилмоқда.