Мирзиёев Сурхондарё вилоятида тоза ичимлик суви билан таъминлаш даражасини танқид қилди

Термиз шаҳрида Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 1 май – Sputnik. Термиз шаҳрида Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтмоқда.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, Шавкат Мирзиёев фойдали қазилмаларга бой, уч мартагача ҳосил олса бўладиган табиий шароитга эга, Сурхондарё вилояти салоҳиятининг ҳали ўндан бири ҳам ишга солинмаганини қайд этган.

“Аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот мамлакат кўрсаткичидан 2,3 баробар, хизмат кўрсатиш 2 баробар, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш 8 баробар кам эканини кўрсатиб ўтди. Вилоятда иқтисодий фаол аҳолининг 10 фоизи ишсиз, тоза ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 54 фоиз экани танқид қилинди”, - дейилади хабарда.

Таъкидланишича, шу каби масалаларни ҳал этиш, вилоятни ҳар томонлама ривожлантириш мақсадида 2019-2020 йиллар учун умумий қиймати 23 триллион 632 миллиард сўм бўлган 649 инвестиция лойиҳаси режалаштирилган. Булар доирасида 2,2 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш, 11 минг 500 та иш ўрни яратиш мўлажалланган.

Мирзиёев: бундай сифатли кўмир ҳеч қаерда йўқ

Бундан ташқари, Сурхондарёнинг ўзига хос хусусиятлари ва имкониятларини чуқур ўрганган ҳолда вилоятни 2030 йилгача комплекс ривожлантириш бўйича концепция ҳам ишлаб чиқилмоқда.

Шавкат Мирзиёев Тўполанг гидроэлектр станциясини кўздан кечирди

Хабарда президент чет элдан инвестиция олиб келиб, замонавий корхоналар ташкил этиш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли ва маҳаллий бюджетлар даромадини кўпайтириш бўйича устувор вазифаларни белгилаб бергани таъкидланган.