Айрим тоифадаги хорижликлар учун Россия фуқаролигини олиш соддалаштирилди

Путин имзолаган фармонга кўра, айрим тоифадаги хорижликлар Россия фуқаролигини соддалаштирилган тартибда олишлари мумкин.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 1 май – Sputnik. Россия президенти Владимир Путин Россия  фуқаролигига соддалаштирилган тартибда қабул қилиш учун ариза бериш ҳуқуқига эга бўлган хорижий фуқароларнинг айрим тоифалари тўғрисидаги фармонни имзолади. Фармон Кремлнинг расмий сайтида 1 май куни эълон қилинган.

Фармонга кўра, айрим тоифадаги хорижликлар Россия фуқаролигини соддалаштирилган тартибда олишлари мумкин.

Хусусан, Қрим ва Севастополь ҳудудида туғилган, доимий яшаган ҳамда яриморолни 2014 йил 18 мартга қадар тарк этган шахслар бундай имкониятга эга.

Донецк ва Луганск аҳолисига Россия фуқаролигини олиш тартиби осонлаштирилди

Мазкур соддалаштирилган тартиб ушбу шахсларнинг фарзандлари, ота-оналари ва турмуш ўртоқларига ҳам амал қилади.

Шунингдек, Украинанинг РФ ҳудудида яшашга рухсатномаси бўлган ёки қочоқ мақомига эга фуқароларига ҳам Россия фуқаролиги соддалаштирилган тартибда берилади.

Бундан ташқари, РСФСРда таваллуд топган ва совет фуқаролигига эга бўлган Афғонистон, Ироқ ҳамда Сурия фуқаролари соддалаштирилган тартибда фуқароликни олиш учун мурожаат қилишлари мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украинанинг барча фуқароларига соддалаштирилган тартибда Россия фуқаролиги берилиши мумкинлиги ҳақида хабар қилган эдик.

Жорий йилнинг 24 апрель куни Донецк ва Луганск аҳолисига Россия фуқаролигини олиш тартиби осонлаштирилган эди.