ТОШКЕНТ, 30 апр - Sputnik. Ўзбекистонда 2019 йил якунида мамлакатдаги илк пуллик автомобиль йўл қурилишини бошлаш режалаштирилмоқда. Ушбу йўл Тошкент ва Самарқанд шаҳарларини боғлайди. Бу Ўзбекистон президентининг “Республика иқтисодиётига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида кўзда тутилган
Таъкидланишича, йўл 2021 йил якунида фойдаланишга топширилади.
Ҳужжатга кўра, Cengiz Enerji Sanayii ve Ticaret A.S., “Калён”, “Колин” (Туркия) компаниялари консорциуми билан Тошкент - Самарқанд пуллик автомобиль йўлини қуриш лойиҳаси амалга оширилади.
Йўл Тошкент, Сирдарё, Жиззах вилоятлари ҳудудидан ўтади. Лойиҳа қиймати ҳозирда аниқланмоқда.
Қарорда ёзилишига кўра, 2019 йил 2-чорагида халқаро молия институтлари билан консалтинг хизматини кўрсатиш бўйича битим тузиш, 2019 йил май ойида - автомобиль йўли маршрутини ўрганиш ва дастлабки ҳисоб-китобларни ишлаб чиқиш, 2019 йил июнда - ДХШ битими шартлари бўйича музокаралар олиб бориш, 2019 йил июлда - битимни имзолаш режалаштирилган.
Ўзбекистонда пуллик автомобил йўллари пайдо бўлади
Эслатиб ўтамиз, Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг 2018 йил баҳорида Ўзбекистонга ташрифи давомида пуллик йўл қуришга оид келишувга эришилган эди.