Тошкент ҳокимлиги "Абу Сахий"даги сотувчилар норозилиги юзасидан изоҳ берди

Тошкент шаҳар ҳокимлиги 29 апрель куни “Тошкент савдо маркази” ҳудудидаги сотувчилар орасида кузатилган норозилик бўйича тегишли ўрганиш олиб борилганлигини маълум қилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 30 апр – Sputnik. Тошкент шаҳар ҳокимлиги 29 апрель куни “Тошкент савдо маркази” (собиқ Абу Сахий) ҳудудидаги “Гипермаркет”га яқин жойда савдо қилаётган сотувчилар орасида кузатилган норозилик бўйича тегишли тартибда ўрганиш ва тушунтириш ишлари олиб борилганлигини маълум қилди.

Пенсия ва нафақаларни тайинлашга доир ҳукумат қарори лойиҳаси тайёрланди

Хабарда таъкидланишича, “Гипермаркет” атрофида савдо нуқталари ташкил этилмаган бўлиб, кийим-кечаклар билан савдо қилувчи сотувчиларнинг айримлари маҳсулотларини ерга ёйиб, фаолият юритишган. 

Айни шу ҳудудда 2019 йилги кузги-қишки мавсумга тайёргарлик юзасидан ичимлик суви қувурларини янгилаш кўзда тутилгани боис, уларга “Чинни бозор” ва “Бек барака” савдо мажмуалари оралиғидаги ҳудудда тегишли рухсатнома асосида савдо қилиш таклиф этилган. Бу сотувчилар ўртасида тушунмовчиликка сабаб бўлган. 

Мазкур ҳолат бўйича тегишли ташкилотлар мутасаддилари иштирокида сотувчилар билан тушунтириш ишлари олиб борилган. Натижада, сув қувурларида амалга оширилиши режалаштирилган таъмирлаш-созлаш ишлари вақтинча тўхтатилди. 

Шунингдек, ушбу сотувчиларнинг ҳар бири билан бозор маъмурияти ўртасида истисно тариқасида 2019 йил сентябрга қадар фаолият юритишларини таъминловчи шартномаларни имзолашга келишиб олинди. Бунинг учун эса сотувчилар солиқ идорасидан якка тартибда тадбиркорлик билан шуғулланишни кафолатловчи рухсатнома олишлари талаб этилади.

Қайд этиш жоизки, юқоридаги тушунмовчилик ҳолатлари юзасидан томонлар ҳуқуқ ва манфаатларидан келиб чиқиб, зарур чоралар кўрилади, дейилади хабарда.