Меҳнат вазирлиги Туладаги дўконда пичоқлаб кетилган ўзбекистонлик юзасидан баёнот берди

Жабрланган Умида.С исмли аёл Ўзбекистон фуқароси ва 3 нафар фарзанд онаси бўлиб, касалхонада ҳаётдан кўз юмган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 30 апр - Sputnik. Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги Россиянинг Тула вилоятидаги супермаркетда пичоқлаб кетилган ўзбекистонлик аёл юзасидан баёнот берди.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги хузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москвадаги Бош вакиллиги хабарига кўра, кеча Тула вилоятининг Узловая шаҳридаги “Пятерочка” супермаркетида 34 ёшли Андрей.К кассир аёлга ҳужум қилиб, пичоқ билан 20 га яқин жароҳат етказган.

Тулада ўзбекистонлик сотувчи аёл харидорлар кўз ўнгида ваҳшийларча пичоқланди – видео

Хабарда айтилишига кўра, жабрланган Умида.С исмли аёл Ўзбекистон фуқароси ва 3 нафар фарзанд онаси бўлиб, касалхонада ҳаётдан кўз юмган. Жиноятчи қўлга олинган.

“Айни дамда Агентлик вакиллари Умида.Снинг  жасадини Ўзбекистонга қайтариш чора-тадбирларини кўришмоқда. Шу муносабат билан марҳуманинг яқин қариндошларини Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига ёки агентликнинг Россия Федерациясидаги  вакилига мурожаат қилишларини сўраймиз”, - дейилади хабарда.

Ўзбекистон Республикаси  Бандлик ва меҳнат   муносабатлари  Вазирлигининг  тезкор телефон тармоғи: +99871-200-06-00

Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг  Москва шаҳридаги телефон тармоғи: +7-9250454744